Бу ҳолат яна қанча давом этади? "Барселона” яққол кризисни бошдан кечирмоқда. Ҳолат шундай давом этса, ёрдамчиси Тито Виланова қўлига ҳамма нарсадан қуруқ қолган жамоани топширади. Бу ўйин билан "Милан” ҳам ўтиб бўлмас тўсиққа айланади.
Учрашув менда худди "Сан Сиро”даги ўйин сценарийсини эслатди. Биргина фарқи, "Барса” ўз уйида ўйнади ва 90 минглик мухлислар ундови билан ЕЧЛдаги ўйинга қараганда бироз фаолроқ ҳаракат қилди. Аммо моҳият, ёндашув, услуб ва чорасизлик ўша-ўша кўринишда эди. Ҳатто голларнинг юзага келиши ҳам ўхшаш бўлди. Биринчи гол стандарт вазиятдан, иккинчиси эса қарши ҳужумдан ўтказиб юборилди. Айниқса, иккинчи гол Миландаги иккинчи голга жуда ўхшади. Бу нимадан далолат? "Барса” ўта бир хил ҳаракат қилмоқда. Рақиб мураббийлари маълум қарши тактика тайёрлашда ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмаяпти. Чунки каталонияликларнинг бугунги ўйинини оддий мухлис ҳам изоҳлаб бера олади. На таркибда ва на ўйинни ташкил этишда "сюрприз” уёқда турсин, бирор янгича қарор йўқ.
Моуриньодек тажрибали мураббий бундай оддийликни жазолаши тайин эди. Жазоладиям. Аслида "Реал” ғалаба қозониш учун янги велосипед кашф қилгани ҳам йўқ. Шунчаки "Барса”нинг ҳужумларини тўсиб, хато қилишини кутиб турди. Амалиётдан маълум бўлиб қолдики, бир-икки хатонинг ўзи етарли. Ушбу оддий ва самарали усулни бу мавсумда аввалига "Селтик”, кейин "Милан” ва мана энди "Реал” амалда намойиш этди.
"Реал” ҳақли равишда финалга йўл олди. Ҳеч қандай гап сўз бўлиши мумкин эмас. Моуриньо бу мавсум учун камида бир совринни суғурталаб қўйди. Агар "Барса” ўз вақтида Ла Лигадаги очколарини жамғариб қўймаганида, чемпионат масаласи ҳам сўроқ остига тушиб қоларди. Футбол сеҳргарлари – Месси-Хави-Иньеста етакчилигидаги жамоа бошсиз чавандозга айланиб қолдилар. Улар йўл қидиряптилар, аммо йўлни кўрсатадиган "бош” топилмаяпти. Натижа эса майдондаги саргардонлик.
"Бош”нинг йўқлиги фақатгина ўйиндаги тактик кўрсатмаларда акс этмаяпти. Футболчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатларида ҳам муаммолар бор. Демак, машғулотларда ҳам сусайиш юзага келган. Ёрдамчи мураббийнинг ёрдамчилари футболчиларнинг машғулотларда етарли даражада меҳнат қилишга ундай олмаётган кўринади. Хуллас, охирги натижаларнинг сабаблари жуда кўп ва барчаси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.
Вазиятни тезда ўнглайдиган шахс катта саҳнага чиқиши керак. Акс ҳолда аҳвол бунданам оғирлашаверади. Олдинда эса айни "йиғим-терим” палласи. Совринлар бошқа қўлларга кетиб қолмаслиги учун ҳаракатни тезлаштириш зарур. Мана биттаси қўлдан чиқиб бўлди.
Рақиб қанчалик принципиал бўлмасин, ғалаба қозонган жамоани табриклаш, футболдан-да инсонийлик юқори туришининг бир кўриниши. "Барса” футболчилари ўйиндан кейин буни бутун футбол дунёсига кўрсатди. Биз ҳам "Реал” жамоаси ва унинг мухлисларига финал муборак, деймиз!
|